...
МЕНЮ
ONLINE TV

2015 йилда дунёни йиғлатган воқеалар


16:55, 31.12.2015 Олам
 17 311

Тугаб бораётган йилда йўқотганларимиз келгуси йиллар учун дарс бўлган бўлса ажаб эмас.

2015 йилнинг сўнги куни билан хайрлашиш аввалида бу йил бутун жаҳонда рўй берган, одамлар эътиборига тушиб, кўз ёшларга сабаб бўлган, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етишга ўргатган муҳим воқеликларга назар ташлашни мақсад қилдик.
 
“2015 йилнинг энг оғир йўқотиши”
Умрини қалбларга зиё таратиш, ислом динининг тинчлик ва муқаддас дин эканини тарғиб қилишга сафарбар этган олим ва тадқиқотчи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 2015 йилнинг 10 март санасида вафот этди. Дунёдаги саноқли уламолар қаторида турувчи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бевақт вафоти нафақат Ўзбекистон халқи, балки бутун жаҳон мусулмонлари учун кутилмаган йўқотиш бўлди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Маккаи Мукаррамадаги “Бутун Дунё Ислом Робитаси”нинг таъсис мажлиси, Бутун дунё тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё Исломий халқлари бошқарувининг бош котибияти, Бутун дунё даъват уюшмаси, Бутун дунё Уламолари кенгаши уюшмаси, Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё муфаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутун дунё масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муссасасига қарашли Исломий фикрлар академиясининг аъзоси эди. Қолаверса, у кўплаб халқаро ташкилотларнинг мукофотлари билан тақдирланган эди.

Ислом динининг буюк уламоси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Имон”, “Дин – насиҳатдир”, “Исломда оила”, “Тарих омонатдир” номли 20 дан ортиқ асарлари чоп этилган. 10 га яқин овозли ёзувлари чиқарилган.

Шайх ҳазратлари Тошкентдаги "Шайх Зайниддин" қабристонига дафн этилди. Кўп сонли интернет фойдаланувчиларининг фикр ва мулоҳазалари сабаб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг вафоти – “2015 йилнинг энг оғир йўқотиши” деб тан олинди.

“2015 йилнинг энг аянчли воқеаси”
Суриядаги қирғинбаротлар оқибатида ота-онаси ва акаси билан уруш ўчоқларидан қочаётиб сувга ғарқ бўлиб, сўнг жасади Туркия қирғоқларидан топилган 3 ёшли Айлон Курдийнинг вафоти ёши, ирқи ва динидан қатъи назар бутун дунё фуқароларининг қалбини ларзага солди. Интернет оламида гўдакнинг  ерга бағрини бериб ётган суратлари тарқалди. Халқаро ОАВлар, ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчилар, блогерлар ўз саҳифаси орқали бонг урди. Бу воқеа –  “2015 йилнинг энг аянчли воқеаси” сифатида тарихга муҳрланди.
 
“2015 йилнинг энг шов-шувли йўқотиши”
2015 йилнинг 19 сентябрь куни БАА вице-президенти, бош вазири шайх Муҳаммад ибн Рашид ал Мақтумнинг иккинчи фарзанди Рашид ибн Муҳаммад Ал-Мақтум юрак хуружи туфайли оламдан ўтди. У 2008 йилдан 2010 йилгача БАА Олимпия қўмитасини бошқарган эди. Саёҳатларни севувчи ёш шаҳзоданинг вафоти интернет фойдаланувчилари орасида “2015 йилнинг энг шов-шувли йўқотиши” сифатида эътироф этиляпти. 

“2015 йилнинг  энг қонли ҳалокати”
2015 йилнинг 31 октябрида Мисрдан Санкт-Петербург томон парвозга отланган Россиянинг А-321 йўловчи самолёти Синай водийсида ҳалокатга учраши оқибатида самолёт бортидаги 224 киши  ҳалок бўлди. Бу воқеа атрофидаги шов-шувлар эса ҳалигача тингани йўқ. Кўплаб мамлакатларда А-321 қурбонлари хотирасига мотам эълон қилинди, ҳамдардлик билдирилди. ДАИШ (ИШИД) ўз гарданига олган мазкур воқеа – “2015 йилнинг  энг қонли ҳалокати” сифатида қайд этилди.
 
“2015 йилнинг энг мудҳиш теракти”
2015 йилнинг 13 ноябр куни тунда бир гуруҳ террорчилар томонидан Париж шаҳрининг 10 га яқин нуқталарида содир этилган терактлар – “2015 йилнинг энг мудҳиш теракти” сифатида тарихда қолди. 200 га яқин кишининг ҳаётига зомин бўлган бу воқеа минглаб, миллионлаб одамлар, тинч аҳолининг осийишта ҳаётига рахна солди. Бу мудҳиш воқеа муносабати билан бир неча кун давомида дунёнинг энг кўзга кўринган бинолари Франция байроғи рангларидаги чироқлар билан ёритилди.
 
“Туркия-Россия сиёсий инқирози”
Россиянинг Су-24 ҳарбий самолёти Туркиянинг ҳаво чегаларини бузиб ўтиши важи билан Туркия ҳукумати самолётни уриб туширди. Бу воқеа икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталарига путур етказди. Ўша кундан эътиборан сиёсий ва иқтисодий, маданий, ҳатто туризм соҳасидаги ҳамкорликка ҳам дарз кетди. Анқаранинг Москвага нисбатан кескин иш кўриши бутун дунёнинг эътиборига тушди. Ҳукумат раҳбарларидан тортиб, сиёсий арбоблар, иқтисодчи ва журналистлар ўртасида Россия ва Туркияни ёқловчилар пайдо бўлди. Икки мамлакат ўртасидаги ҳалигача тин олмаган “ёқа йиртиш”лар “Туркия-Россия сиёсий инқирози” сифатида ёдда қолди.

Теглар:Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Айлон Курдий А-321 Париж теракти Су-24 Рашид ибн Муҳаммад Ал-Мақтум Дунёни йиғлатган воқеалар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Nuriddin
09:46 08.02.2016

Суриялик 3 ёшли боланинг вафоти бутун дунёни ларзага солди. Нахотки шундай кучли, мунтазам армияга эга давлатлар бирлашиб, террорчиликни бутунлай йук кила олмаса. Унгача канча норасида гудаклар халок булиши керак.


Жамшид
17:11 04.01.2016

Бу расмдаги Рашид ибн Муҳаммад Ал-Мақтум эмас. У унинг укаси Хамдан бин Муҳаммад бин Рашид ал-Мақтум бўлади.

****Editors Note: Сиз адаштингиз



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!