...
МЕНЮ
ONLINE TV

10 кг ва 300 доллардан ошмаслиги керак – Божхонадан товар олиб ўтишдаги ўзгаришлар нималардан иборат?


09:48, 18.10.2018 Жамият
 6 303

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарор қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.
 
Унга кўра, эндиликда жисмоний шахслар айрим турдаги товарларни истисно қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдоридаги товарларни Ўзбекистонга бож тўловларини тўламасдан олиб киришлари мумкинлиги белгиланган.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон қарори билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари тасдиқланган эди.
 
Ўтган даврда эса айрим фуқаролар божхона тўловларидан қочиб, берилган имтиёздан тижорат мақсадида фойдаланишга уриниш ҳолатлари ортиб борди. Айтайлик, “Ғишткўприк” чегара постига яқинлашганингиз заҳот арава-арава юк олиб кираётганларни, ёғдан тортиб, энергетик ичимликларни “босиб” келаётганларни кўрасиз. Бундай майда тадбиркорлар ҳисобига чегара постларида доим тирбандлик кузатилади. Камига жанжал ва шовқин...
 
Айрим шахслар товар олиб ўтиш мақсадида бошқа фуқароларни жалб этиш, соддароқ айтганда маълум бир ҳақ эвазига уларни ёллаш йўлига ўтишди.
 
Оқибатда, тижорат мақсадидаги сифати кафолатланмаган товарларни, айниқса, озиқ-овқат махсулотларини қўшни давлатлардан чегара-божхона постлари орқали ташиб беришни ўзига касб қилиб олган шахслар қайта-қайта ҳаракатланишлари ҳисобига чегара божхона постларида сунъий равишда тирбандликлар юзага келди.
 
Ўзбекистон Республикаси давлат Божхона қўмитасидан берилган маълумотларга кўра, фуқаро Р.Н. жорий йилнинг ўтган даврида 413 маротаба, М.Е. 331 марта, С.У. 282 маротаба қўшни давлатларга ўтиб қайтган.
 
Шунингдек, тез бузиладиган ва совутгичларда сақлашга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва ташиш шароитларига риоя этилмаган ҳолда “ташмачилар” томонидан тижорат мақсадида республика ҳудудига олиб кирилиши, истеъмолчиларнинг соғлиғини хавф остига қўяётгани ҳам бор гап.
 
Божхона органлари томонидан шахсий эҳтиёж ниқоби остида тижорат мақсадлари учун товарларни етказиш билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.
 
Ўтган даврда ўтказилган тезкор тадбирларда божхона расмиятчилиги соддалаштирилганидан фойдаланиб, “ташмачилар” ёрдамида божхона чегарасидан ўтказилган 23,8 млрд сўмлик товарларни тижорат мақсадида ички бозорга чиқариш билан боғлиқ 1354 та ҳолатнинг олди олиниб, 1321 нафар шахсга нисбатан юритилган маъмурий иш материаллари кўриб чиқиш учун маъмурий судларга юборилган, қўпол божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.
 
Масалан, фуқаролар Д.Р. ва А.И. ўзаро жиноий тил бириктириб, жуда кўп миқдордаги божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш мақсадида, “ташмачилар” ёрдамида республикамиз ҳудудига 193 млн сўмлик “Alfa” ўсимлик ёғларини олиб ўтишгани учун уларга нисбатан ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органларига юборилган.
 
Бу республикам ички бозорига сифати кафолатланмаган товарлар кириб келиши ортидан, нафақат мамлакатимиз иқтисодий манфаатлари, балки юртдошларимиз саломатлигини ҳам маълум бир даражада хавф остига қўя бошлади.
 
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 октябрь кунги қарори билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормаларига ўзгартиришлар киритилди.
 
Ўзгартиришларга мувофиқ, чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда рўйхатдаги 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникаларини 6 календарь ойида, ҳар бир номдаги товардан эса 1 календарь ойида 2 кггача (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно) божсиз олиб киришга рухсат этилди. Аммо, уларнинг умумий оғирлиги 10 кгдан ошмаслиги керак.
 
Албатта ушбу ўзгартиришлар энг аввало, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ички бозорга сифатсиз товарлар кириб келишини олдини олиш, мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини инобатга олган ҳолда киритилганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.
Ҳусан Тангриев 

Теглар:Давлат божхона қўмитаси Чегара-божхона пости 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар