...
МЕНЮ
ONLINE TV

1 ноябрдан маош, пенсиялар, стипендиялар оширилади


23:11, 13.10.2018 Жамият
 21 996

Президент фармонига кўра, иш ҳақи — ойига 202 730 сўм этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

Фармонга кўра, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтириш, шунингдек, меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимлар иш ҳақи миқдорини жадал равишда оширишни таъминлаш мақсадида 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилди. 
2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:

иш ҳақи — ойига 202 730 сўм;

ёшга доир пенсиялар — ойига 396 500 сўм;

болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 396 500 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 243 300 сўм миқдорида белгиланди. 

Қолаверса, иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши белгиланди. 
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг қуйи разрядлари тариф коэффициентларини ўртача 10 фоизга, шу жумладан, 1-разряд бўйича 15 фоизга, 2-разряд бўйича 10 фоизга ва 3-разряд бўйича 5 фоизга ошириш орқали меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимларнинг иш ҳақи миқдорининг жадал равишда оширилишини кўзда тутган ҳолда 2019 йил 1 январдан Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан сақланадиган ташкилотларда банд бўлган универсал касблар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашга доир разрядларни танқидий кўриб чиқиш ва 2019 йил 1 январидан уларнинг янгиланганларини жорий этиш;

халқаро молиявий институтлар билан биргаликда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорининг унинг натижалари, бажарилаётган меҳнат функцияларининг мураккаблиги ва масъулияти билан янада узвий боғлиқлигини таъминлашни назарда тутадиган Бюджет ташкилотларида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштириш концепциясининг ишлаб чиқилишини ва 2019 йил 1 сентябрга қадар муддатда киритилишини таъминлаш топширилган. 

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 

Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотларга иш ҳақининг қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорларини энг кам иш ҳақига мувофиқ ошириш тавсия этилмоқда. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгашларига мазкур Фармоннинг қабул қилинишидан сўнг қўшимча харажатларни қоплаш учун тегишли бюджетлар параметрларига ўзгартириш киритиш тўғрисида таклифлар киритади. 

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ-5469-сон Фармони унинг 6-банди истисно қилинган ҳолда 2018 йилнинг 1 ноябридан ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

Теглар:Иш ҳақи Президент фармони 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар