...
МЕНЮ
ONLINE TV

“PRESS CLUB: ELECTIONS.UZ-2016”. Ким учун мулоқот, ким учун ижодий кеча


16:13, 01.12.2016 Жамият
 2 349

“PRESS CLUB: ELECTIONS.UZ-2016” лойиҳаси давомида турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этиляпти.

Аввалроқ, 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритувчи оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “PRESS CLUB: ELECTIONS.UZ-2016” ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик.
 
“PRESS CLUB: ELECTIONS.UZ-2016” лойиҳаси давомида турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этиляпти. 
 
“Сайлов ҳамма ва ҳар киши учун” деб номланган мулоқотда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раиси Дилноза Муратова, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси-муфтий Усмонхон Алимов, Тошкент ва Ўзбекистон Митрополити Викентий, Католик епископи Ежи Мацулевич, Тошкент яхудийлар диний жамоаси раиси Аркадий Исахаров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Агрепина Шин, Республика байналмилал миллий маданий маркази директори ўринбосари Сергей Миронов иштирок этиб, Ўзбекистонда миллатлар ўртасидаги тотувлик, дин ва эътиқод эркинлиги, диний ривожланишга қаратилган эътибор, диний ташкилотларнинг бугунги жамият тараққиётида тутган ўрни ва сайловлардаги иштироки ҳақида гапирдилар.
 
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси-муфтий Усмонхон Алимов сўзга чиқар экан, “Айни кунларда бизнинг диёримизда катта сиёсий тадбир ўтказилмоқда. Имом-домлаларимиз амру-маъруфлардаги маърузаларида сайловнинг аҳамияти ҳақида гапириб, мўмин-мусулмонларни сайловларда фаол иштирок этишга даъват этишмоқда. Бу эса бир неча кундан сўнг ўтказиладиган сайловда ўз натижасини кўрсатади”, деб таъкидлади.
 
Сессияда иштирок этган диний уламоларнинг ҳар бири Ўзбекистондаги демократик жараёнлар, хусусан, сайловлар ҳақида фикр билдирар эканлар, мамлакатдаги келгуси тараққиёт ва ривожланиш шубҳасиз 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларга боғлиқ эканини эътироф этдилар.
 
“Ўзбекистон – умумий уйимиз! Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбекистондаги турли миллат вакиллари орасида дўстона алоқаларни ривожлантириш, диний бағрикенгликка йўл очишда қўшган ҳиссаси жуда катта. Биз у бошлаб берган йўл давом этишига ишонамиз”, дейди Католик епископи Ежи Мацулевич.
 
“PRESS CLUB: ELECTIONS.UZ-2016” доирасида бўлиб ўтаётган сессиялар – ОАВ вакиллари ва мутахассислар мулоқотида Ўзбекистон миллий университети ўқитувчиси, сиёсатшунослик фанлари номзоди, доцент Шерзод Қудратхўжаев ва таниқли журналист Шаҳноза Ғаниева модераторлик қилишмоқда.
 
Бугунги тадбирлар кечагисидан бироз фарқ қилди. Дин уламолари бир ерга жам бўлган тадбир кўпроқ ижодий кечани эслатди. Шерзод Қудратхўжаев ва Шаҳноза Ғаниева модераторлик вазифаларини унутишди чоғи, ОАВ ходимларига ташриф буюрган вакиллар билан мулоқот қилиш, саволларига жавоб олиш учун имконият яратиш ўрнига,  меҳмонларнинг таржимаи ҳолини  ўқиб беришга кўпроқ вақт кетказишди. Бу ҳам майлига модераторлар асосан ўз ҳаётий ва ижодий фаолиятларини йиғилганларга таништириш билан банд бўлиб қолишди. Айниқса, Шерзод Қудратхўжаев болалигидаги хотиралардан тортиб, шахсий ҳаёти билан боғлиқ воқеаларгача гапирди.
 
Ташкилотчилар ва модераторлар бу фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, келгуси тадбирларда бундай камчиликларга йўл қўймасалар мақсадга мувофиқ бўларди. Боиси сиёсатчилар, етук мутахассислар ва дин арбоблари билан бўладиган бундай учрашувлар журналистлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишга, вақтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиладилар. 
 

Теглар:Шерзод Қудратхўжаев Шаҳноза Ғаниева 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар