...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Лафарга”ни очадиган мард борми? Гулнора Каримова “харидор” бўлган Тошкентдаги қабристон 9 йилдан бери берк!


12:46, 14.11.2018 Жамият
 23 545

Наҳот, 8 маҳалла фуқароларини рози қилиш ҳоким, вазир ёинки бошқа бир давлат амалдори учун муҳим бўлмаса...

Ҳамманинг борар жойи бир... У ким бўлса бўлсин, ҳоким, вазир, бой, камбағал, ўғри ё тўғри барча-барча охир-оқибат вафот этади ва одатга кўра дафн этилади. Шундай экан қабристонлар ҳамиша ўз муҳимлик даражасини йўқотмайди.
 
Ўзбеклар азалдан қабристон, масжид, мадраса кабиларга алоҳида ҳурмат кўрсатиб, қўлидан келганча моддий ёрдам бериб келган. Собиқ Иттифоқ даврида етмиш йил давомида динсизлик катта куч билан тарғиб қилиниб, масжид, қабристон ва мадрасалар фаолиятига чекловлар қўйилган даврларни халқимиз чуқур қайғу билан эслайди.




 
Минг афсуски, Ўзбекистонда муқаддас қадамжолар, масжид ва мадрасалар, қабристонларни обод қилиш ўрнига, уларга қулф солувчи, бузишга ўрганиб қолган, ерини эса мўмай пулга сотишга урунадиган раҳбарчалар учраб туради. Мана, тўққиз йилдирки, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Бўз МФЙ ҳудудида жойлашган “Лафарга” қабристони ёпиб қўйилган. Тошкентнинг марказидаги қабристон 9 йилдирки эътибордан четдан. Бу вақт давомида у борган сари ташландиқ масканга айланиб боряпти. Ахир бу ерда ҳайвон эмас, одам қабрлари бор.
 
Ким ёптирган?
 
Эҳ, яна Абдуқаҳҳор Тўхтаев. Сиз бу номни яхши эслайсиз. Бир вақтлар Тошкент шаҳар ҳокими бўлган Абдуқаҳҳор Тўхтаев 2009 йил 25 сентябрь куни ўша қабристон ёпилиши тўғрисидаги “тарихий” ҳужжатга имзо чеккан.
 
“Мирзо Улуғбек туманидаги “Лафарга” қабристонида бўш ерларнинг қолмаганлиги сабабли дафн этиш тўхтатилсин”, дейилган қарорда.
 
QALAMPIR.UZ’га келиб тушган мурожаатларни ўрганиш мақсадида “Лафарга” қабристонига бориб, вазият билан танишдик. Биз у ерда дафн этиш учун жой сероблигига гувоҳ бўлдик. Мазкур қабристонда ёпилгунга қадар гўрков, ҳозирда эса қоровул бўлиб ишлаб келаётган ходим билан суҳбатлашдик.
 
“Мозор тўлган деб беркитилган. Мозорда жой кўп (қўли билан атрофдаги бўш майдонларни кўрсатди) 30-40 йилга етадиган бўш жой бор. Эски қабрлар ҳам талайгина, уларнинг ўрнига ҳам майит қўйса бўлади. Аммо қабристон беркилгандан бери одамлар келиши ҳам, ҳашарчилар ҳам камайди”, дейди мозор қоровули Азим Мўминов.
 
Унинг сўзларига кўра, ҳозир ҳам одамлар вафот этган яқинларини дафн этиш учун жой бор-йўқлигини сўраб  келиб туради. Бироқ ёпиқлигини эшитиб, ортига қайтади.  Уларни “Яланғоч-2” қабристонига юборишга тўғри келади.
 
Кафанга, тупроққа зўр, ўлигимни сарсон қилма
 
Таъкидлаш керакки, қабристонда авлодлар кетма-кетликда дафн этиб келинади. Кўпчилик онаси, отаси ё бобоси ўрнига ёхуд ёнига дафн этилишни хоҳлаб, фарзандларига васият ҳам қолдиради. Кўп оилаларнинг қабристонларда ўз хилхона мавжуд. Бу шунчаки ер эмас, қадрият, оилавий анъана, ҳурмат. Халқимиз бир дуога қўл очганда бир парча кафанга, икки метр тупроққа зор қилма, ўлигимни сарсон қилма, деб ният қилади.




 
Ота-боболари “Лафарга”да дафн этилганлар нима қилади?
 
Наҳот, биз кўрган бўш жойларни ўша вақтдаги Тошкент шаҳар ҳокими, ҳозирги Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев  кўрмаган бўлса, ёки у ўзининг иссиқ ва юмшоқ “кресло”сидан туриб боришга эриниб, қарорга имзо чекиб қўя қолганмикан. Майли, хатолар қилинган бўлса бордир, ўша қабристон қайсидир каттаконга ёқмай қолгани ҳам ростдир. Аммо бугунги ўзгаришлар даврида ҳам қабристоннинг ёпиқ туриши на қадар тўғри ва адолатдан?
 
“Лафарга”нинг харидори Гулнора Каримовамиди?
 
Дарвоқе, “Лафарга” қабристони аввал ҳам ёпилган. Собиқ Иттифоқ даврида, 1974 йилда қабристонга дафн этиш тўхтатиб қўйилган. 1991 йилда Ўзбекистон мустақил бўлгач, қабристон очилиб, одамларга хизмат қила бошлаган. Бироқ орадан 18 йил ўтиб, мустақиллик даврида ҳам қабристон ёпилган.
 
“Бўз” МФЙ ҳудудидаги ушбу қабристонга атрофдаги 8 маҳалла аҳолиси ўз яқинларини дафн этиб келган. Булар: “Бўз”, “Алпомиш”, “Турон”, “Сайрам”, “Буюк ипак йўли”, “Олмачи”, “Подшобоғ” ва “Элобод” МФЙлари.




 
Қабристон қоровулининг сўзларига кўра, мозорни очиш учун қабристонларнинг “Қора лола” фуқароларга хизмат кўрсатиш бюроси ҳам ҳаракат қилган. Аммо натижа бўлмаган. Ҳокимиятдан садо чиқмаган.
 
Узун қулоқ гапларга қараганда қабристон ери ўша даврдаги “каттакон”лардан бирига уй қуриш учун керак бўлиб қолган эмиш... Одамлар орасида эса бу ернинг асосий мижози Биринчи Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бўлган деган гаплар юради. Бу қанчалик ҳақиқатлиги бизга қоронғу.
 
Халқни рози қилиш керакмасми?
 
“Лафарга”да фақатгина ўзбеклар дафн этилмаган. Қабристон ёпиб қўйилгунга қадар Ўзбекистондаги афғонлар хилхонаси ҳам шу ерда бўлган. Қоровул ҳозир ҳам байрамларда марҳум афғонларнинг ўғил-қизлари, набиралари келиб туришини таъкидлади.
 
Ўқтин-ўқтинда келиб ота-боболари ётган жойларни тозалаб кетувчи одамлар ҳозир ҳам қабристон очилишини хоҳлайди. Уларнинг умиди сўнмаган. Наҳот 8 маҳалла фуқароларини рози қилиш ҳоким, вазир ёинки бошқа бир давлат амалдори учун муҳим бўлмаса. Бу маҳаллаларда яшовчи фуқаролар камида 12-15 минг, катта эҳтимол билан ундан ҳам кўп. Қолаверса, гап шунчаки моддий истаклар, уй, машина, кредит, газ ва электр ҳақида эмас, халқнинг маънавий бойлиги, унинг юрагидаги ҳисларига қулоқ солиш, чин маънода рози қилиш ҳақида кетяпти.








 
Умид қиламизки, ваколатли орган ва шахслар бу масалани ўрганиб чиқади ва адолатли ечим топилишига ўз ҳиссасини қўшади. Ахир гап ўн, юз, минг киши ҳақида кетмаяпти. Гап минглаб одамларнинг хоҳиш-истаги ҳақида боряпти. Масала ижобий ечим топишига ишонамиз. 
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Лафарга Мирзо Улуғбек тумани 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар