...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Бенавбат” палов еган халқнинг “китоб ейишини” кўр...


16:28, 09.10.2017 Жамият
 9 351

Тошкентнинг марказий кўчасида китоб ўқиш бўйича акция ташкил этилганди...

Аввалроқ, китоб ўқиш бўйича акция ўтказиш ҳақидаги хабарни танишлардан олган эдим. Оилавий ташвишларим билан оввора бўлиб китоб акциясини “реклама” қилиш эсимдан чиқибди...


 
Кеча, 8 октябрь куни бир қанча “китоб еганлар” иштирокида янги акция Тошкентнинг Сайилгоҳ кўчасида ўтказилибди.
 
Кимдир мендан хафа бўлиши ёки “емоқ” феълини мутолаа қилаётган инсонга нисбатан ишлатишимни қоралаши мумкин. Бироқ менинг хаёлимда фақат бир ғоя бор, бу —  китоб ўқишни бирламчи маънавий эҳтиёж даражасига кўтариш!
 


Кўпчилик китоб ўқиш учун овқат ейишдан тўхтайди, лекин мен овқат ейиш учун “китоб ейишдан” вақтинчалик тўхташларини хоҳлайман...
 
Бир қанча “китобга очлар” якшанба куни очиқ ҳавода китоб ўқиш акциясини ўтказибди. Акция биринчи марта ўтказилгани сабабли, ушбу сайилга атиги... йигирмаларча одам келган!
 
Ҳақиқий “овқат сайли”га ўттиз минг одам келганлиги ва рекорд ўрнатилганининг барчамиз гувоҳи бўлганмиз. Бироқ “китоб ейиш” сайлига 20 тагина китобхоннинг келиши...
 
Узр, “кам” деган сўзни ишлатгим келмади ҳатто. 20 нафар китобхондан узр сўраб, “кам” ёки “жуда кам” демайман, “йўқ” дейман...
 
Қиcқаси, китобхонлик сайлига ҳеч ким келмабди...
 
Тўғрида, оммавий палов сайлига келганлар олдида ҳолатни бошқача таърифлай олиш мумкин эмас. Ўша 20 нафар китобхонга минг раҳмат!
 
Хўш, оммавий китоб ўқиш бўйича Ўзбекистонда қачон рекорд ўрнатилади?
 
Хитойликлар ушуни, ҳиндлар йогани кундалик эҳтиёжга айлантирганидек, биз ўзбекистонликлар “китоб ейиш”ни ҳаёт зайлига айлантиришимиз керак эмасми?
 
Бориб-бориб бу трендга айлансин! Кишиларга нима кийганига қараб эмас, нима ўқиётганига қараб баҳо берилсин...
 
Биргина мисол... 2015 йилнинг 22 сентябрида Ҳиндистоннинг Гужорат штатида 3071 киши бир жойда тўпланиб китоб ўқиш бўйича рекорд ўрнатганлар. Ушбу рекорд ўрнатилишида шунча одам қатнашган ва улар бир номдаги китобни мутолаа қилганлар.
 
Наврўзда сумалак пишириш, кузда ҳосил байрами, ёзда чўмилиш каби оммавий китоб ўқиш сайлларини ҳам ўтказиб турайлик.
 
Илк қадам ташланди, тажриба тўпланди, хатолар кундан кунга англанади, якшанбани уйда ётиш куни эмас, китоб ўқиш кунига айлантирсакчи?


 
Тўғри, палов — миллий таом, уни севиб истеъмол қиламиз. Бироқ унинг миқдорини ҳаддан зиёд ошириш қандай оқибатларга олиб келишини яхши биласиз.
 
Ҳақсиз... Китоб ўқишни ош сайлига таққослаб бўлмайди. Палов дамлаш анча пайт реклама қилинди, акция халқаро экспертлар жалб қилинган ҳолда амалга оширилди. Китоб ўқиш сайлидан эса кўпчилик бехабар қолди...
 
Бироқ, нима бўлганда ҳам, ҳар иккисига ҳам етаклайдиган куч ва илинж — маданий ҳаёт “даражаси”га боғлиқлигини ҳеч ким инкор этолмаса керак.
 
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, “китоб еган” халқ ҳеч қачон ўқитувчисини урмайди, у шифокорини тепмайди, у фақат ва фақат юксалади.
 
Омон бўлинг!
Зоҳиршоҳ Жўраев
Фото: Санжар Саид

Теглар:Китоб ўқиш акцияси Китобхонлик тарғиботи Китоб сайли 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Sardor
19:31 09.10.2017

Agar bilganimda borardim. Malumot ornida- osh sayliga bormagamdim



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар