...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ойбек ва Нигора икки ой аввал "ЗАГС"дан ўтишганини тан олишди


15:26, 16.11.2015 Интервью
 16 421

“Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ойбек ва Нигора икки ой аввал “ЗАГС”дан ўтишгани, Фарҳод ва Ширин билан муносабатларига дарз кетгани ва дўстларига тўла ишонмасликларини тан олишди.

   “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ойбек ва Нигоранинг 21 ноябрь куни турмуш қуришаётгани ҳақидаги хабар мухлислар орасида яшин тезлигида тарқалди. Бу тўйни кўпчилик узоқ вақтдан буён кутаётган эди, десак муболаға бўлмайди. Айни дамда тўй ташвишлари билан елиб югураётган икки ёш эксклюзив интервьюни www.qalampir.uz сайтига тақдим этишди. Ойбек ва Нигоранинг муҳаббат тарихи қандай бошланди? Бу саволнинг жавобини қуйидаги суҳбатдан топасиз.

— Тўй ҳаракатлари билан чарчамаяпсизларми? 
Ойбек: — Раҳмат! Тўй қилишнинг ҳам ўзига яраша гашти бор экан. Ҳаракатлар бундан бир йил аввал бошланган эди. Ўзингизга маълум, йигит тарафда аввал уйни таъмирлашади. Бизнинг уйда ҳам анча вақт таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Нигора: — Энг қизиғи, мен Ойбекни яхшигина уста сифатида ҳам кашф этдим. (кулиб) Қўлидан ҳамма иш келаркан.
О.: — Айниқса, пластик кесишни айтмайсизми?

— Билишимча  тўйга ҳамма нарса тахт, шундайми? 
Н.: Тўйга қанча аввалдан ҳаракат қилсангиз ҳам камдек кўринаверади. Тўй либосини танлаш, меҳмонларга таклифнома тарқатиш... Тўйимизга саноқли кунлар қолган бўлса-да ҳали ҳам таклифномаларни тарқатиб бўлмадик.
О.: Кўп масалаларни ҳал этишда дўстларимиз, санъатдаги яқинларимиз ёрдам беришяпти. Қолган масалаларни эса “Mister happy” маросимлар марказига ишониб топширганмиз.

— “ЗАГС” дан икки ой аввал ўтганингизни бошқалар ҳам билишадими?
О.: — Ҳа, бунинг нимаси ёмон? Дўстларимиз, ота-оналаримиз ФХДЁ бўлимига тезроқ хужжат топшириб қўйинглар, кейин улгурмай қоласизлар,  ҳали шифокорлар кўригидан ўтишингиз керак, деяверишганидан кейин ФХДЁга ариза топширдик. Хужжатлар билан боғлиқ ишлар бунчалик тезлашиб кетади деб кутмагандик.

— Шу вақтгача тўй ҳақидаги саволлардан қочардинглар. Нигора ёдингизда бўлса, 2010 йил “Суғдиёна” газетасига қилган интервьюмда ҳам Ойбек билан шунчаки дўстмиз, биздан бир оила чиқмаса керак деган эдингиз. Ёлғон гапирган экансиз-да? 
Н.: — Шу бугунгача Ойбек билан турмуш қурамизми ёки йўлларимиз айро бўладими, деган саволга ўзим ҳам жавоб топа олмасдим. Чунки, ўртамиздаги илиқликни оила аъзоларим билишмасди. Ота-онамга, опаларимга эса бу ҳақида ҳеч қачон гапирмаганман. Бўлажак қайнонам уйимизга совчи бўлиб борганларидан кейин ота-онам ҳам ҳайрон қолишди.
О.: — Оила – муқаддас даргоҳ. Иккимиз ўзаро аҳд-паймон қилганимиз ўз йўлига. Чунки, ота-она дуосисиз, уларнинг розилигисиз қурилган оилада бахт бўлмайди. Буни яхши билганимиз учун ҳам интервьюларда сиз айтган саволлардан қочар эдик.

— Демак, Ойбек ва Нигоранинг муҳаббати анча аввал куртак очган. 
О.: — Аниқ вақтини билмайман.
Н.: — Шу кунгача севаман демаганингиздан кейин билмайсизда. (кулиб) Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий номидаги мусиқа коллежида Ойбек биздан кичик курсда ўқир эдилар. Бир куни кафедрада кўришиб қолдик. Узоқ тикилиб турганларини кўриб, бу бола менга бунча тикилмаса, дегандим. Шу-шу коллеж йўлакларида бир-биримизга кўзимиз тушардию таниш бўлмаганимиз учун ҳатто саломлашмай ўтиб кетардик.
О.: — 2005 йил “Акфа-медиа” компанияси томонидан ўтказилган кастингга борганимда Нигорани учратдим. Лекин, ёнига бориб гапиришга ботина олмадим.
Н.: — (кулиб) Ўшанда Зиёда иккимиз сизни роса калака қилгандик. Кейин саҳнадаги ҳаракатларингиз, гоҳ шеър ўқиб, гоҳ Майкл Жексоннинг қўшиқларини куйлаб беришингизни кўриб, тилимизни тишлаб қолгандик.

— Эшитишимга қараганда, “Акфа-медиа”даги фаолиятни яккахон сифатида бошлагансизлар. 
Н.: Ҳа. Ойбекга ҳам, менга ҳам алоҳида қўшиқ ёзишган. Ойбекнинг қўшиғи оммалашишга улгурган. Менинг қўшиғим эса тингловчиларга етиб бормаган ҳам. Шундан кейин устозларимиз бизни дуэтдош сифатида олиб чиқиш таклифи билдиришди. Ойбек билан дуэтдош сифатида ишлашга анча вақтгача қарши бўлганман. Буни очиқ-ойдин айтолмас эдим. Аввал боғчада ишлаганим учунми одамлар билан тез тил топишаман, муомалага киришиб кетишим осон кечарди. Ойбек эса бошқалар тугул, мен билан ҳам гаплашмас, ҳатто тушликка чақирсак ҳам ишни баҳона қилиб чиқиб кетарди.
О.: — Уялардим-да.
Н.: — Сиз уялардингиз, лекин ижод вақтида мен қийналардим.

— Кейин қандай чиқишиб кетдингиз? 
О.: — Ижодда хурсандчиликларимиз ҳам, муаммоларимиз ҳам бир бўлгандан кейин ўз-ўзидан муносабатларда яқинлик пайдо бўларкан.

— Шахсан мен учун ижодингизда “Излайман”га ўхшаган  қўшиқ такрорланмади. Бу қўшиқда иккингизнинг ҳам ижро маҳоратингиз яққол намоён бўлган. Адашмасам, қўшиқ 2006 йилда тақдим этилганди. 
О.: — Буни бизга кўп бор айтишган. Балки бу ўша вақтларда биз билан ҳамкорликда ишлаган бастакор ва шоирларга боғлиқдир.
Н.: — Биринчи қўшиқларимизни тингловчилар яхши қабул қилишган бўлса-да, барибир дуэт бўлиб ишлолмаймиз деган фикр мени тарк этмасди.
О.: — 2007 йилга келиб бир-биримизни бироз тушуна бошладик. Камчиликларимизни очиқ айтишни ўргандик.
Н.: — Баъзан сал нарсага талашиб қолиб бир-биримизни қувиб кетардик. (кулиб) Буларнинг ҳаммаси ҳудди кечагидек эсимизда. Ўшанда Ойбек мени бошқа йигитларнинг олдида қизғонгандек бўларди. Сиз мени акаммисиз ё дадаммисиз бунча хўжайин бўласиз, десам дугонам Зиёда (хонанда Зиёда Қобулова) “Сени севиб қолган жиннивой” дерди.  Буларнинг ҳаммасига Зиёда гувоҳ бўлган. Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам Ойбек юрагида нима борлигини айтмаганлар.
О.: — Асл туйғулар мавҳум бўлади. Улар ташқарига чиқса қадри қолмайди.
Н.: — Ана кўряпсизми, доим гапни олиб қочасиз.

— Ойбек демак Нигорани биринчи бор коллежда  кўрганингиздаёқ муҳаббат пайдо бўлган экан-да. 
О.: — Мен тасодифларга ишонадиган одамман, лекин бу бир кўришда севиб қоламан дегани эмас. Ўртамиздаги илиқ ришталар 2009 йилдан дунёга келди. Менимча, севиш учун изҳор шарт эмас. Нигоҳлардаги учқуннинг ўзи етарли. 

— Йигитларга қараганда қизларга бироз қийин. Бир йигит билан аҳд-паймон қилганини айтолмайди, совчиларни ҳам рад қилолмайди. Нигора сиз қандай йўл тутгансиз? 
Н.: — Ойбек ҳеч қачон менга нисбатан юрагида нима борлигини айтмаган. Бугун бир сирни очаман. Уйимизга совчи келиши ёки урф одатларимизга кўра мен бирор йигит билан учрашувга чиқишим керак бўлса Ойбек атайлаб бир режа ўйлаб топардилар. Учрашув белгиланган вақтда ё бирор концертга боришимиз, ё қайсидир тадбирда иштирок этишимиз керак бўлиб қоларди. Кейин билсам мени учрашувга чиқмасин, деб доим шундай найранглар ўйлаб топар эканлар.

— Ким кўпроқ мослашувчан? 
О.: — Иккимиз ҳам. Инсон бировни ўзгартира олиши учун аввало ўша одамни тушуниши, ўзи ҳам уни ютуқлари қаторида камчиликлари билан қабул қила билиши керак. Чунки, идеал одамнинг ўзи йўқ.
Н.: — Одатда аёлларни худбин, ўзини кўпроқ ўйладиган дейишадию лекин эркаклар ҳам бу борада аёллардан қолишмайди. Ўртамизда бир-биримизга муҳаббатдан юксак туйғулар – ҳурмат ва ишонч, ўзаро дўстлик бор. Агар оилада булар бўлмаса демакки муҳаббат ҳам бўлмайди.

— “Ойбек ва Нигора аллақачон турмуш қуриб бўлишган, фарзандлари ҳам бор”, “Нигора ҳомиладор бўлиб, аборт қилдирган” қабилидаги гаплар тарқалганди. 
Н.: — Аввалари бундай гапларни эшитсам, кўз ёш қилардим. Билиб-билмай гапирадиган одамлардан хафа бўлардим. Ҳозир қўл силтайдиган бўлганман. Устозим Фотима Зиёмуҳамедовага ўша бўхтон гапларни айтганимда “Ғийбатларга эътибор қилиб, сен ҳақингда ёмон фикрга борган ҳаммага бу гаплар ёлғон эканини исботлагунингча умринг ўтиб кетади. Сен майда гапларга қараб майдалашма, ўзингга тўғри бўлсанг бу гаплар йўлда қолиб кетаверади” — дердилар. Шу-шу бундай ғийбатларни эшитсам, ия шунақа эканми, деб жилмаядиган бўлдим.

— Куни кеча Ойбек ва Нигора автоҳалокатга учрабди, деган хабарлар тарқалганди. Бу шов-шувлар ҳалигача давом этяпти. 
О.: — Эшитиб жуда жаҳлимиз чиқди. Одамларга ҳайронман, кўрмасдан, билмасдан туриб, шунча гапни қаердан ўйлаб топишаркин? Яқинда актёр Алишер Узоқовни ҳам вафот этди деб хабар тарқатишганди. Энди навбат бизга келибди-да, деб эътибор қилмадик. Лекин, телефонларимиз ҳалигача тинмаяпти.

— Фарҳод ва Ширин билан урушганингиз ростми?
О.: — Йўғе, бу гапни қаердан олдингиз?
Н.: — Яшириб нима қиласиз. Ойбекнинг улар билан муносабатлари яхши. Мен эса  Шириндан ранжиганман.

— Бу икки дуэтнинг шоу-бизнесдаги рейтингги билан боғлиқми?
Н.: — Ростини айтсам, Ширин мен ҳақимда ноўрин гаплар гапириб юргани қулоғимга чалинди. Санъатда ўзимдан каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўлсам, Ширинга нима ёмонлигим теккан бўлиши мумкин? Бу гапларни унинг ўзига бориб гапиргим келадию ҳеч қулай вазият бўлмаяпти. Балки тўйдан кейин учрашиб, гаплашиб олармиз.
О.: —Мухлислар биз  билан уларни солиштиришлари ноўрин. Тўғри, улар ҳам дуэтдош, лекин йўналишларимиз, ижро этадиган қўшиқларимиз буткул фарқ қилади.
 
— Атрофингизда яхши инсонлар, дўстларингиз ҳам бордир. 
О.: — Ёнимизда яхши инсонлар кўп, лекин уларга тўлиқ ишонаман, деб айтолмайман.
Н.: — Қарс икки қўлдан чиқади. Мен аввал одамларга ишониб кўраман. Агар ишончимни суиистеъмол қилишса улар билан муносабатларда эҳтиёт бўлишга ҳаракат қиламан.

— Менимча, Нигора фильмларда бир ўзи роль ўйнаса ёки бошқа хонандалар билан қўшиқ айтса Ойбекнинг жаҳли чиқади. 
О.: — Албатта. Чунки, мен ҳамиша иккимиз учун ҳаракат қиламан.
Н.: — “Омон-омон”ни бир ўзингиз айтганингизда мен ҳеч нарса демадим-ку. Неча йилдан буён бир ўзимга қўшиқ тайёрлаб беринг, деб илтимос қиламан. Ҳар куни эртага дейсиз.

— Балки Ойбек тўйдан кейин ижодни яккахон сифатида давом эттиришни режалаштириб юргандир. 
О.: — Йўқ! Аввал қандай бўлган бўлса, шундайлигича қолади.

— Нигора актриса Шаҳзода Муҳаммедова келин янгангиз бўлиши ростми?  
Н.: Йўқ, бу фикрдан анча аввал қайтганмиз. Шаҳзода ҳали тўйга етиб келармикин? Чунки, ўша куни ишларим кўп, келин-куёвнинг тўйдан олдинги сайрига ҳам боролмайман, деётганди. Янга масаласига келсак, тўй куни аниқ бўлганида бу вазифани дугонам Мадина Мумтозга топширган эдик. Мадина бу ишни жуда чиройли адо этарди. Ҳозир у иккинчи бор фарзандли бўлгани учун тўйга ҳам келолмаслигидан қўрқаяпман.

— Яқин дугоналарингиз орасида Зиёда ҳам бор..
— Зиёданинг ҳар куни тўйлари бор. Халқимиз яхши кунларида уни кутишади. Бизнинг тўйимизни деб унинг  режалари бузилишини истамайман. Ўша куни у бошқа дугоналарим қатори тўйимда даврани қиздириб, хурсандчилигимизга шерик бўлса бас.

— Тўйнинг видео диски сотувга чиқишини истамаётган экансизлар. 
О.: — Тўй – бу оилавий маросим. Кейин биз тўйимиз орқали ўзимизни яна бир бор реклама қилиб, санъатдаги ўрнимизни мустаҳкамлаб олмоқчи эмасмиз. Шахсий ҳаёт –  пиар учун яна бир омил бўлишини истамайман. Шунинг учун ҳам тўйнинг диски чиқишига қаршимиз. Балки мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, тўйнинг энг қизиқ лаҳзаларини ўзида акс эттирган роликни тақдим этармиз.

— Демак, газета ва журналлар, интернет сайтларида ҳам тўй ёритилмайди.
О.: Йўқ.

— “Қалампир” имкон топсачи?
О.: — Унда келишиб олайлик. Тўйдан фотолавҳаларни мухлислар www.qalampir.uz да кутишсин. Биз ҳам ортиқча шов-шувлар ва қўнғироқлардан ҳоли бўлармидик.

— Суҳбат учун раҳмат! Сизларга www.qalampir.uz сайти жамоаси номидан оилавий бахт ва саломатлик тилаймиз.
Қамариддин Шайхов суҳбатлашди
Суратлар муаллифи: Исфандиёр

Теглар:Ойбек Нигора 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Умеда
14:12 23.11.2015

Ассалом алейкум!!! Силага бахт тилайман севгиларинг хакикий соф севги бусин ва булишига ишонаман лекин силадан бир илтимос ойбек ва нигора биза мухлислариз учун илтимос туйзди диски чиксин биза мухлислариз ди илтимосини ерга колдирмассиз


Sarbinaz
14:39 19.11.2015

Sizlarga chin yurakdan baxt-u soadat tilayman. Sizlarning turmush qurayotganingizdan xursandman Qoraqalpoqdan muxlisangiz Sarbinaz


Oybek
07:46 19.11.2015

Baxtli bulila.


muhiddin
14:00 18.11.2015

Baxtli bo`linglar!!!!


Lazizbek Ismatov
14:14 17.11.2015

_Man Nigoradan xafaman chunki uni Oybekdanam ko'proq yaxshi kurardim_&...!!!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!